Муаммолар депутат назоратида

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши  60-Шўралисой сайлов округидан сайланган депутат  Тўлқин Файзиев ва Янгийўл туман ички ишлар бўлими бошлиғи, сектор раҳбари Анвар Султонов “Халқаобод”, “Шўралисой”, “Ватан”, “Ифтихор”, “Умид” ва “Хўжаобод” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувлар аввалида депутат бугунги кунда қабул қилинаётган ва муҳокамадаги қонун лойиҳалари, уларнинг аҳамияти ҳақида сайловчиларга маълумот бериб ўтди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда аҳоли томонидан мактабгача таълим муассасаси етишмаётганлиги, ички йўлларни таъмирлаш, сув, электр энергияси, газ таъминотида узулишлар мавжудлиги ва бошқа шу каби масалаларга оид мурожаатлар келиб тушди.

Учрашувлар жараёнида “Умид” маҳалласидаги “Umid Baraka Chevarlari” тикувчилик цехига ташриф буюрилди. Айни пайтда бу ерда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотларининг ички бозорда сотилиши билан бир қаторда, Россия ва Туркия давлатларига экспорт қилинаётгани қувонарлидир. 

— Корхона 160 хотин-қиз, шу жумладан, маҳалланинг 70 нафар аёлини доимий иш билан таъминлаган. Корхонада иш жараёнини 2 сменада ташкил этиш ва экспорт ҳажмини янада ошириш мақсадида янги иш ўринларини яратиб,  доимий ишчиларни 220 нафарга етказиш мўлжалланмоқда, – дейди “Умид барака чеварлари” тикув корхонаси иш юритувчиси У.Маҳмудова. 

Бу борада депутат фикрлари билан ўртоқлашилди. Мулоқот даврида ечимини кутаётган масалалар бўйича йўл харитаси асосида мутасадди раҳбарларга депутатлик сўровлари чиқарилди.
 
 
Нашр этиш   Ўқилди : 433