Вилоят Кенгашининг 2019 йил 14 декабрдаги ХLII/I-I-сонли “2020 йил учун Тошкент вилоятининг маҳаллий бюджети тўғрисида”ги Қарори

 

Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ, 2020 йилда Халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.

Қонуннинг 18-моддасига асосан 2020 йил учун Тошкент вилоятининг маҳаллий бюджетини қабул қилиш бўйича Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши
 
ҚАРОР ҚИЛАДИ
 
2.       Қонунга асосан 2020 йилда:
а) Қуйидаги солиқ турлари шаҳар ва туманлар бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:
-          жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
-          жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
-          жисмоний шахсларнинг мулкларни ижарага беришидан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
-          қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хом ашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактош мустасно;
-          сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқдан мустасно.
б) Қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар вилоятнинг вилоят бюджети ҳамда шаҳар ва туманлар бюджетлари ўртасида тақсимланади:
-          юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
-          юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
-          якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишдан акциз солиғи;
-          айрим товарларни чакана савдосидан бериладиган ҳуқуқ учун йиғимлар;
-          қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона йиғимларидан ташқари);
-          автотранспорт воситаларини харид қилганлик учун уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш чоғида автотранспорт эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғимлар.
Шу билан бирга, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари) ва фойда солиғидан (рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган алоҳида йирик солиқ тўловчилардан ва Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан ташқари) вилоят маҳаллий бюджетига Қонунга мувофиқ ажратма қилинадиган 34 фоиз миқдордаги тушумлар шаҳар ва туман бюджетлари ўртасида тақсимланиши маълумот учун қабул қилинсин
в) Вилоятнинг вилоят бюджетига қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиғича ўтказилади:
-          электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
-          айланмадан солиқ;
-          қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат божлари (патент божи ва лицензия берганлик учун давлат божларидан ташқари);
-          қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;
-          қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулк, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг активлари бўйича ажратмалар ва дивидендлар;
-          қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат активларини ижарага бериш ва хусусийлаштиришдан тушадиган даромадлар.
3.       Қонунга асосан вилоят маҳаллий бюджетларининг харажатлар тизимида қуйидаги ўзгартиришлар киритилди ҳамда молиялаштириш тартиби қуйидагича белгиланди:
а) туман ва шаҳарлардан молиялаштирилувчи умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг биринчи гуруҳ (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар) ва иккинчи гуруҳ (иш ҳақига ажратма) харажатлари республика бюджетидан, тўртинчи гуруҳ (бошқа) харажатлари тегишилича туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштирилади;
б) Вилоятнинг вилоят бюджетидан:
-          иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчиларга аҳолига кўрсатилган иссиқлик таъминоти хизмати учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарни қоплаш харажатлари;
-          вилоят ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси;
-          умум фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш харажатлари;
-          давлат органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш харажатлари;
в) туманлар ва шаҳарлар бюджетидан:
-          фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақаларни тўлаш харажатлари;
-          давлат санитария-эпидемиология назорати туман ва шаҳар марказларини сақлаш харажатлари молиялаштирилади.
4.       2020 йилги вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот бўйича прогноз кўрсаткичлари 1-иловага ҳамда 2020 йил учун вилоятнинг вилоят бюджети даромадлар прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
5.       Вилоятнинг вилоят бюджетидан 2020 йилги ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6.       Туманлар ва шаҳарлар бюджетларига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда, ажратма меъёрлари бўйича вилоят маҳаллий бюджети билан туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда вилоят бўйича ғазначилик бошқармаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
7.       2020 йил учун туманлар ва шаҳарларнинг бюджет даромадлар ва харажатлари прогноз кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
8.       Туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман ва шаҳар бюджетлари даромадлари прогнози ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги белгилансин.
9.       2020 йил учун вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажмлари 13 876,5 млн. сўм миқдорида белгилансин.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари захира жамғармалари маблағларини вилоятнинг вилоят бюджетида ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилишини таъминласинлар.
10. 2020 йил учун вилоятнинг вилоят бюджетининг йўл қўйиладиган энг кам маблағлар 9 192,9 млн. сўм миқдорда ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларида йўл қўйиладиган энг кам маблағлар миқдори 7-иловага мувофиқ белгилансин.
11. Вилоятнинг вилоят бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетларида шаклланган қўшимча манбалар тегишлича вилоят ҳамда туманлар ва шаҳарлар Халқ депутутлари Кенгашлари томонидан вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари таклифларига асосан, тегишли Кенгашлар қарорларига асосан ишлатилиши белгилансин.
Бунда, биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларнинг моддий-техникасини мустаҳкамлаш, кейинги навбатда уларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор, фармойиш ва вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқлари ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнларида кўзда тутилган тадбирларга, ҳудудлардаги ичимлик суви таъминотини яхшилаш, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини  таъмирлашга йўналтирилиши белгилаб қўйилсин.
12. Туман ва шаҳар ҳокимликлари, чораклар якуни бўйича мазкур қарорнинг 5-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, вилоят ҳокимиятига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан кўрилган чоралар билан биргаликда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат қилади.
Вилоят ҳокимлиги, Қонуннинг 6-иловасида кўрсатилган прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ҳокимиятларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан кўрилган чоралар билан биргаликда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат қилади.
13. Вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар тегишлилиги бўйича ушбу маҳаллий бюджетларнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манба ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.
14. Вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари:
тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;
ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтларга ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимотини, молиявий ҳисоботларни, капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижросини, ўтказилган танлов (тендер) савдолари ва давлат харидлари ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин.
15. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари бюджетларнинг қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишини, веб-сайтларига уларнинг натижаларини жойлаштирилишини таъминласин.
16. Вазирлик идораларининг шунингдек, вилоят ташкилот ва идораларининг туман (шаҳар)ларда ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича тузилган йўл харитасига ҳамда йиғилиш баёнларига асосан бюджетларнинг харажатларига ўзгартириш киритилишига йўл қўйилмайди.
17. Вилоят ҳокимлиги Қонуннинг 24-моддасига асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини тегишли вилоят Кенгашига киритилишини таъминласин.
18.   Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
19.  Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси ва Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари зиммасига юклатилсин.
 
 
 
          Халқ депутатлари Тошкент вилояти
           Кенгаши раисининг ўринбосари                                                        А.Исабаев
 
 
 
 
 
Нашр этиш   Ўқилди : 534