Мурожаатнома: суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи

11.01.2021

Шу мавзуда жорий йилнинг 11 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан давра суҳбати видеоконференц алоқа шаклида ўтказилди.

Тадбирда депутатлар, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Адвокатлар палатаси, Ёшлар парламенти, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этдилар.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллаши, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўплиги, янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “Бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозимлигини таъкидлаган эдилар.

Қайд этилганидек, парламент томонидан қабул қилинган қонунларга кўра, жорий йилдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларини ташкил этиш белгиланган.

Шунингдек, жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида дастлабки эшитув институтини киритиш, апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш, назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш, прокурорнинг айбловдан воз кечишининг процессуал тартибини белгилаш назарда тутилган.

Қонун талабларига мос равишда расмийлаштирилган шикоятни Олий суд судьяси томонидан судлов ҳайъатига киритишни рад этиш ваколати бекор қилинмоқда. Бундан мақсад, шикоятни якка тартибда мазмунан ҳал этишнинг олдини олиш бўлиб, эндиликда процессуал кодексларда белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда берилган барча шикоятлар Олий судда кассация инстанцияси иш юритувига қабул қилинади ва кўриб чиқилади.

Инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Олий суд томонидан кўрилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Жиноят-процессуал кодексига янги очилган ҳолатлар туфайли жиноят иши бўйича иш юритишни қайтадан бошлашнинг аниқ қоидаларини белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда. Уларга кўра, ушбу ҳуқуқни илгари назарда тутилганидек нафақат прокурор, балки жиноят процессининг бошқа иштирокчилари ҳам амалга ошириши мумкин.

Муҳокамалар давомида мазкур қонунларнинг қабул қилиниши жамоатчиликда қизиқиш уйғотаётгани, бироқ айрим масалалар тушунмовчиликлар келтириб чиқараётганлигига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, қонун кучга киргандан сўнг апелляция шикояти беришга улгурмаган шахсларнинг ҳуқуқларни тиклаш, хусусан улар томонидан муддатни ўтказиб юбориш ҳолатларини узурли деб топиш лозимлиги ҳақидаги жамоатчилик фикрига муносабат билдирилди.

Олий суд вакиллари қонун ўзгариши муносабати билан шикоят беришга улгурмаган процесс иштирокчиларига, уларнинг шикоятини судлар томонидан қабул қилиш имконияти яратилишини таъкидлашди.

Худди шундай, қабул қилинаётган қонунларнинг амалиётга жорий этилиши билан боғлиқ муаммолар, шу жумладан судьялар ва суд ходимларининг тайёргарлиги, бу борада кўрилаётган ташкилий чора-тадбирлар ҳам танқидий муҳокама килинди.

Қизғин савол-жавоб руҳида ўтган давра суҳбатида иштирокчилар томонидан Мурожаатномада назарда тутилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалиётга жорий этишга қаратилган қонунларнинг мазмун-моҳияти, уларни қўллаш механизмлари судьялар, адвокатлар, прокурорлар ва тергов органи ходимларига тушунтириб борилиши, шунингдек аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилиши лозимлиги таъкидланди.

 


Нашр этиш   Ўқилди : 6325