Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада ошириш масалалари муҳокама марказида бўлди

05.04.2021

2021 йил 5 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасидан ҳамда давлат раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқидан келиб чиқиб, “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари” ҳамда “Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада оширишнинг муҳим масалалари” мавзуларида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда фракциялар ҳамда қўмита аъзолари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Президентимиз Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида аёлларга ўзгача бир ишонч ва самимият билан “Аёлларимиз ҳаётий муаммоларни, оила ва маҳалладаги ўткир масалаларни, уларни бартараф этиш йўлларини, жамиятнинг томир уришини бошқалардан кўра яхшироқ биладилар. Улар ўзларининг меҳрибонлиги, юксак масъулият туйғуси, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўла оладилар. Биз давлат ва жамият бошқарувида, вазирлик ва идораларда чуқур билим ва малакага эга бўлган ташаббускор опа-сингилларимизга раҳбарлик лавозимларини ишониб топшириш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз” деган эдилар.

Қайд этилганидек, бугун республикамиз давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 500 га яқин хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб боришмоқда. Уларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат соҳасида 82 фоизни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳасида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоизни, саноатда 38 фоизни ташкил этмоқда. Шунинг учун давлатимиз раҳбари хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, жамиятда оила ва ижтимоий муҳитни яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки ҳали хотин-қизларни ўйлантириб келаётган муаммолар, уларнинг сабаблари тўлиқ бартараф этилгани йўқ.

Хотин-қизларни ўйлантираётган энг асосий муаммолардан бири уларнинг бандлигини таъминлашдир. Муаммоларнинг кўпи ҳам шу масалага боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда 1 миллион атрофида ишсиз аёл бор, бунга доимий иш ўрнига эга бўлмаган, мавсумий ишларда банд аёллар қўшилса, уларнинг сони 2-2,5 миллионни ташкил қилади. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ёлғиз оналарни уй-жой билан таъминлаш масалалари  ҳам бугунги кундаги оғриқли муаммолардан биридир. Аммо кўплаб аёлларимиз мана шундай оғриқли дардларини кимга, қаерга айтишини, кимдан ёрдам олишини ҳар доим ҳам билавермайди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга, аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этишган. Республикамиз БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларини йўқ қилиш ҳақидаги конвенцияси, Халқаро меҳнат ташкилотининг Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисидаги конвенцияларига МДҲ давлатлари орасидан биринчилар қаторида қўшилди.

Мамлакатимизда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий замин, балки самарали институционал база ҳам шакллантирилди. Аёллар, оила масалалари парламент даражасида муҳокама қилинадиган бўлди. Сенатда алоҳида қўмита, Қонунчилик палатасида эса Аёллар комиссияси фаолияти йўлга қўйилди. Гендер тенгликни таъминлаш бўйича республика Комиссияси ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар хотин-қизлар масалалари билан шуғулланадиган, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб, қўллаб-қувватлайдиган, чуқур таҳлил юритадиган яхлит тизим яратиш эҳтиёжи сезилаётганлигини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, барча даражадаги давлат ва жамоат ташкилотларида салоҳиятли, билимли, малакали аёлларимизни раҳбарлик вазифасига тайинлаш бўйича квоталаш тартибини киритиш таклифи ҳам мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди.

Тадбир якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Нашр этиш   Ўқилди : 10855