Қўмита Ҳисоб палатасига қандай таклифлар берди?

05.04.2021

2020 йил 5 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисида”ги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Мазкур йиғилишда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида парламентга берилган ваколатлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан Ҳисоб палатаси биринчи ўринбосари Б.Туробовнинг ахборотини тингладилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ташкил этилган.

Шунингдек, Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарорлари ва бошқа ҳужжатлари асосида ташкиллаштирилиб, Давлат бюджети шаклланиши ва даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор ва топшириқларининг, Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларининг ижросини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлилидир.

Ҳисобот йилида Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар, натижасида бир қатор камчиликлар аниқланиб бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилган. Хусусан, Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар бўйича 2 845 млн. долл. қийматдаги 814  та инвестиция лойиҳалари бўйича ўрганиш ўтказилиб, шундан 921 млн. долларлик 40 та лойиҳаларнинг муддати кечикканлиги ва 99 млн. долларлик 32 та лойиҳалар амалга оширилмаганлиги аниқланган.

Муддати кечиккан ва амалга оширилмаган лойиҳаларни ҳар бири бўйича ижрочилар билан муҳокамалар олиб борилди ҳамда мавжуд муаммоларни ечиш чоралари белгиланган, истиқболсиз деб баҳоланган лойиҳаларни янги лойиҳаларга алмаштиришга кўрсатмалар берилган.

Давлат бюджети даромадларига тушумлар тўлиқлигини таъминлаш ҳамда қўшимча захираларни сафарбар этиш бўйича тизимли назорат ўрнатилиб, Республика бўйича 2020 йилда бюджетга 132,9 трлн. сўм солиқ тушумлари жалб қилинди ва прогноз кўрсаткичлари 4,5 трлн. сўмга (3%) орттириб бажарилгани ва Давлат бюджетига 2019 йилга нисбатан 20,7  трлн. сўм кўп солиқ тушумлари жалб қилинган.

2018 йил давомида солиқларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган 5 та давлат органларининг маълумотлар базасининг ишончлилиги аудитдан ўтказилган.

Таъкидлаш керак, мазкур ўрганишларда соҳаларда замонавий ахборот технологияларини кенг тадбиқ этиш орқали давлат бюджетига бир йилда қарийб 109,2 млрд. сўм қўшимча маблағларни жалб қилиш имконияти мавжудлиги аниқланган. Жумладан, Қурилиш вазирлиги тизимида 53,2 млрд. сўм, “Ўздонмаҳсулот” АКда 37,8 млрд. сўм, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида 2,3 млрд. сўм, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасида 6,7 млрд. сўм ва Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасида 9,3 млрд. сўм бюджет тушумларини кўпайтириш имкониятлари аниқланган.

Йиғилишда депутатлар Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган ушбу камчиликлар, бюджет интизомини бузиш ҳолатлари ва молиявий қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан тегишли идоралар ва мутасадди раҳбарлар томонидан кўрилган чора-тадбирларни атрофлича муҳокама ва чуқур таҳлил қилиб, асосий эътиборни уларнинг келиб чиқиш сабабларига қаратдилар.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси аниқлаган камчиликлар ва қонун бузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш масаласига вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимлик мутасадди раҳбарлари томонидан принципиал ёндашилмагани, бюджет маблағларидан фойдаланишда ва бюджетлар ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйилаётганлиги депутатлар томонидан алоҳида қайд этилди.

Муҳокамалар якунида қўмита аъзолари Ҳисоб палатаси томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар белгиланган режа асосида амалга оширилганлигини эътироф этиб келгусида жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш, қонунчиликни такомиллаштириш ва Давлат бюджети ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш масалаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ҳисоб палатасининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини янада ошириш зарурлиги борасида қатор таклифларни илгари сурилди. Шунингдек, тизимли такрорланаётган камчилик, хатолар ва молиявий ҳуқуқбузарликлар бўйича тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Йиғилиш якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси муҳокама жараёнида билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда тегишли қарор қабул қилди.

Нашр этиш   Ўқилди : 16922