Тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, очиқ ва амалий ташқи сиёсат юритиш – асосий мақсад

15.01.2021

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзолари ҳам Мурожаатномада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда изчил, конструктив, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсат юритиш борасида билдирилган барча таклиф ва ташаббусларни атрофлича муҳокама қилмоқдалар.

Дилором Файзиева қўмита раиси:

– Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида 2021 йилдаги мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасининг изчил ўсишини таъминлашга қаратилган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Президент Мурожаатномасида жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини модернизация ва ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни таъминлашга қодир бўлган самарали ташқи сиёсат олиб бориш масалалари ҳам марказий ўрин эгаллади.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимиз халқаро майдонда нуфузи кескин ортиб, сифат ўзгаришларига эришди, ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда очиқ ва конструктив мулоқотга қодир, масъулиятли ва олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган обрўли шерик бўлишга интилмоқда.

Албатта, пандемия шароитида жаҳонда кечаётган кескин геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнлар давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро муносабатларни янги реалликка мослаш каби устувор талабларни илгари сурмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Мурожаатноманинг ташқи сиёсат қисмида белгиланган ҳар бир вазифа ва масала ниҳоятда катта аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради. Ушбу вазифаларнинг бекаму-кўст ижроси эса, ўз навбатида, юртимизнинг халқаро майдондаги имижини юксалтиришга, унинг теварагида кенг кўламли халқаро ҳамкорлик учун хавфсиз ва барқарор муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Қодир Жўраев қўмита раисининг ўринбосари:

– Мурожаатномада Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолияти концепциясини янгилаш ва ҳар томонлама такомиллаштириш ҳақида илгари сурилган таклиф ниҳоятда долзарб ва ўринлидир. Бу ташаббус ўз вақтида ва мантиқан тўғри қўйилгани билан ҳам эътиборга молик.

Маълумки, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси – давлатнинг халқаро муносабатлар соҳасидаги ўрта ва узоқ муддатли стратегик мақсад ва вазифаларини тўлиқ қамраб олувчи, миллий манфаатларни илгари суриш, амалга ошириш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ механизмлар ҳамда устувор йўналишларни белгилаб берувчи, ўзида мамлакат ташқи сиёсий фаолиятининг асосий тамойилларини тизимли равишда ифода этувчи доктринал ҳужжат ҳисобланади.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолият концепцияси 2012 йилда қабул қилинган бўлиб, концептуал ҳужжат сифатида ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси прогрессив ташқи сиёсатининг асосий мақсад-вазифаларини ва устувор йўналишларини ўзида қайсидир маънода мужассам этиб келди, албатта.

Бироқ шиддатли замон бир жойда қотиб турмаганидек, кечаги ўлчамлар ҳам бугунги жадал тараққиётимиз мезонларига тўғри келмаслигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Бинобарин, Концепциянинг баъзи жиҳатларини Янги Ўзбекистоннинг очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсатидан, жаҳон майдонида тобора ортиб бораётган ўрни ва мавқеидан келиб такомиллаштиришга катта эҳтиёж сезилмоқда.

Айниқса, замонавий халқаро муносабатлардаги туб ўзгаришлар, дунёдаги сиёсий-ҳарбий вазиятнинг кутилмаган эврилишлари, глобаллашув жараёнларининг янада чуқурлашуви, қудратли сиёсий ва иқтисодий куч марказлари жойлашувидаги трансформациялар, кенг минтақамизда ва Ўзбекистоннинг ён-атрофидаги ҳудудларда рўй бераётган ҳодисалар ва тобора кучайиб бораётган турли хавф-хатарларга муносиб жавоб қайтариш кун тартибига долзарб вазифа сифатида чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясининг янги таҳрирда қабул килиниши мамлакатимиз ташқи сиёсатининг прогрессив моҳиятини, кучайиб бораётган иқтисодий-дипломатик саъй-ҳаракатларини, очиқлик характерини дунёга намойиш этаётгани билан бевосита боғлиқ. Қолаверса, бугунги реаллик Ўзбекистон Раҳбарининг нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки унинг теварагида ҳам хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик маконини, стратегик шериклик руҳини мустаҳкамлашга бўлган юксак сиёсий иродасини яққол намоён этмоқда.

Жаҳонгир Мамажонов қўмита аъзоси:

– Мурожаатномада Президентимиз 2021 йилда ташқи сиёсатимизнинг вазифаларини белгилаб берар экан, Марказий Осиё минтақаси устувор йўналиши бўлиб қолиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Маълумки, Марказий Осиё геостратегик жойлашувига кўра, минг йиллар давомида жаҳон миқёсидаги жараёнлар марказида бўлиб келган. Шунингдек, бизнинг минтақамиз доимо ўзининг бой маданий-тарихий мероси билан Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ноёб чорраҳа вазифасини ўтаган.

Тан олиш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг минтақавий ташаббуслари ва уларнинг амалий ижроси йўлидаги оламшумул саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат, яқин ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди, кўп йиллик тўсиқлар олиб ташланди. Қисқа вақт ичида минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муҳитини мустаҳкамлашга эришилди.

Яқин-яқингача ўзаро муносабатларда баъзи мавзуларда гапириш “мақбул эмас”, деб ҳисобланган бўлса, ҳозирда бирор бир “ёпиқ ёки сирли мавзу”нинг ўзи қолмади. Жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, трансчегаравий, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, чегара пунктларини кесиб ўтиш каби муаммоларни томонлар очиқ ва дўстона руҳда ҳал қилиб келишмоқда.

Зуҳра Шодиева қўмита аъзоси:

– Мурожаатномада асосий хорижий шерикларимиз ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа қатор давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Зеро, ушбу мамлакатлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги энг йирик ҳамкорлари ҳисобланади, қолаверса уларнинг аксарияти билан стратегик шериклик тўғрисидаги битимлар имзоланган, савдо айланмаси муттасил ортиб бормоқда.

Сўнгги йилларда юқорида номлари тилга олинган давлатларнинг ҳаммаси билан ҳам нафақат икки томонлама, балки нуфузли тузилмаларда кўп томонлама форматларда ҳам алоқалар изчил ривожланди. Ҳеч кимга сир эмас, сўнгги йилларда инвестициявий фаолликнинг кескин ўсиши мамлакатимиз иқтисодий юксалишининг бош омилларидан бири бўлди.

Сўнгги тўрт йилда хорижий инвестицияларнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 22 фоизни, жами ҳажми 26,6 миллиард долларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар – 17,5 миллиард долларни ташкил этди. Таққослаш учун айтиш мумкинки, бу тўрт йилдаги натижалар билан 2007-2017 йиллардаги кўрсаткичлар тенгдир.

Бироқ Мурожаатномада эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан балки шерик давлатлар билан қатор соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни янада чуқурлаштириш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятига, хусусан, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналарга мазкур давлатлар билан янги, янада самарали иш тизимини жорий этиш бўйича аниқ топшириқларнинг қўйилиши биз депутатлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

Биз Мурожаатномада қайд этилган ана шу вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент ва депутатлик назорати механизмларидан унумли фойдаланишимиз, жумладан, мунтазам равишда мутасадди ташкилот ва идораларнинг ушбу вазифалар ижросини мониторинг қилиб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Пировард натижада мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар алоқалар янада кенгаяди.

Нодир Жумаев қўмита аъзоси:

– Мурожаатномада Президентимиз томонидан қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига қатъий ишонган ҳолда бу эзгу йўлда амалий ёрдамни бундан кейин ҳам давом эттириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар аввало кўп асрлик тарихий илдизларга эга бўлиб, бугунги кунда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, кўп томонлама сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон қўшни Афғонистонда қирқ йилдан ортиқ даврдан буён поёнига етмаётган можарони тўлиқ бартараф этишга катта эътибор қаратиб келяпти. Ушбу муаммо Ўзбекистон етакчисининг халқаро кун тартибидаги энг устувор, таъбир жоиз бўлса бирламчи масала бўлиб келмоқда, десак, асло муболаға бўлмайди. Ўзбекистон ва Афғонистоннинг конструктив ҳамда дўстона муносабатлар ўрнатиш борасидаги интилишлари 2016 йил сўнггида томонларнинг янгича ёндашувлари билан юқори босқичга кўтарилди ҳамда ҳамкорлик учун мисли кўрилмаган истиқбол эшиклари очилди.

Бинобарин, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Тошкент халқаро конференцияси глобал майдонда катта қизиқиш уйғотиб, нафақат минтақамиз, балки бошқа ҳудудларга ҳам таъсир ўтказаётган Афғонистон муаммосини тинчлик йўли билан ечиш борасида йирик платформа, келгусидаги учрашувлар ва музокаралар учун дастлабки пойдевор бўлди.

Мурожаатномада тўғри таъкидланганидек, Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликка қўшилиши учун ҳар томонлама кўмак беришимиз жуда муҳимдир. Бундан ташқари, шу нарсани тушуниш лозимки, Афғонистон ҳудудидан таҳдидлар қанчалик кам бўлса, миллий хавфсизликни таъминлаш борасидаги хавотирларимиз шунчалик камаяди.

Бу йўналишда тежаладиган ресурсларни биз ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, фуқароларимизнинг турмуш даражасини оширишга йўналтиришимиз мумкин.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатда келтириб ўтганидек, ҳозирги кунда Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки амалий қадамлар ташланмоқда. Бу лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши бир томондан, Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги ролини оширишга хизмат қилса, иккинчи томондан, бутун минтақада барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга беқиёс ҳисса қўшади.

Умуман олганда, Ўзбекистон афғонлараро ярашув жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлаши мамлакатимизнинг миллий манфаатларига ҳар томонлама мос келади. Зеро, Афғонистондаги осуда ҳаёт Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кооперация учун улкан имкониятлар очиб беради.

Абдулла Аслонов қўмита аъзоси:

– Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада БМТ ҳамда бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам катта эътибор қаратди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро. халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг таркибидаги ихтисослашган ташкилот ҳамда муассасалари, хусусан, БМТ Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ), ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури (ЮНЕЙДС), Гендер тенглиги ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмаси (БМТ – аёллар), Марказий Осиёда Превентив дипломатия минтақавий маркази, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан алоқалари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

Шу билан бирга, ушбу ташкилотлар билан ҳамкорликни бундан буён ҳам изчил давом эттириш ва ривожлантириш миллий манфаатларимизга тўлиқ мос тушади. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида, “Биз қатъий ишонамиз, БМТ бундан кейин ҳам халқаро муносабатларда ҳал қилувчи ўрин тутади” деган фикри республикамизнинг бу борадаги ташқи сиёсий позициясини яққол намоён этади.

Айниқса, БМТнинг 2015-2030 йиллар учун мўжжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари республикамизда амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси билан тўлиқ ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, иқтисодиётни ривожлантириш, таълим сифатини ошириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ва фаоллигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш каби масалаларни қамраб олади.

Ўктамжон Исломов қўмита аъзоси:

– Мурожаатномада халқаро ташкилотлар билан бирга минтақавий ташкилотлар билан алоқаларни изчил ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш биз учун принципиал аҳамиятга эга.

Маълумки, ШҲТ ўтган салкам 20 йил ичида кўп тoмoнлама ҳамкoрликнинг самарали мeханизми сифатида намoён этиб, халқарo майдoнда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлди. Қисқа давр ичида Ташкилoт салмoқли шартнoма-ҳуқуқий базаси яратилди, институциoнал жиҳатдан шаклланди; унинг тузилмавий органлари ташкил қилиниб, уларнинг барқарoр фаoлияти йўлга қўйилди. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтган онлайн саммитида мамлакатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, пандемия шароитида “Шанхай руҳи”ни мустаҳкамлашнинг ғоятда муҳимлигига эътибор қаратди, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан аниқ таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.

Хусусан, электрон тижоратни ривожлантириш ва ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришни назарда тутадиган инқирозга қарши қўшма дастурларни амалга ошириш, биргаликда рақамли технологияларни ривожлантириш, бу соҳада мутахассислар тайёрлаш қўшма дастурларини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида ўзаро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш, тиббиёт муассасалари тармоғини яратиш, пандемия шароитида соғлиқни сақлашга янги масофавий технологияларни жорий этишга катта урғу берилди.

ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ана шу эзгу ғоя ва интилишларни самарали амалга ошириш имконини беради. Қолаверса, мамлакатимиз 2021 йилда ўтадиган навбатдаги саммитда ташкилот раислигини қабул қилиб қолади ва келгуси бир йилда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор халқаро ташаббусларни илгари суриши шубҳасиз. Якунланган йилда Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги муваффақиятли раислиги бунга тўла ишонч яратади.

Зулайҳо Акромова қўмита аъзоси:

– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, шубҳасиз, халқимиз эртаси, унинг тинчлиги, фаровонлиги йўлида режалаштирилган энг аниқ ва энг тўғри йўлдир. Мурожаатномада кўпгина масалалар қатори Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларини янада юксак поғоналарга кўтариш вазифалари қўйилган бўлиб, бу ишларнинг барчаси якунда халқимиз турмуш даражасини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Мурожаатномада МДҲ доирасида ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ушбу минтақавий тузилма билан алоқаларни кенгайтириш республикамизнинг миллий манфаатларига ҳар томонлама мосдир. Маълумки, Ўзбекистон илк бор 2020 йилда МДҲга раислик қилди. Пандемия келтириб чиқарган оғир вазиятга қарамай, йил давомида ушбу раислик доирасида аниқ режа асосида кўп томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтириш бўйича 60 дан зиёд барча халқаро тадбирлар муваффақиятли ўтказилди, 70 га яқин муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон мазкур ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга оид қатор таклиф ва ташаббусларини илгари сурди. МДҲ мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни жадал суръатларда қайта тиклаш, ҳамдўстлик доирасида “яшил” ва соддалаштирилган йўлаклар амалиётини кенг жорий этиш, электрон савдони ривожлантириш бўйича ягона платформани ишга тушириш ва “йўл харитаси”ни қабул қилиш кабилар шулар жумласидандир.

Энг муҳими, Ўзбекистон Президентининг таклифи асосида МДҲни 2030 йилгача бўлган даврда иқтисодий ривожлантириш стратегияси ҳамда МДҲ иштирокчи-давлатларининг транспорт соҳасида 2030 йилгача бўлган даврдаги ҳамкорлигининг устувор йўналишлари тасдиқланди. Ушбу ҳужжатлар, шубҳасиз, МДҲ мамлакатлари ўртасидаги кооперацияни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Феруза Ниғматова қўмита аъзоси:

– Мурожаатномада жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб, 30 июль санасини Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” сифатида белгилаш таклиф этилди.

Маълумки, 2011 йил 27 апрелда БМТ Бош Ассамблеясининг 65-сессиясида “Халқаро дўстлик куни” тўғрисидаги резолюция қабул қилинган эди. Шу боис, “Халқлар дўстлиги куни”нинг моҳияти бугунги кунда энг долзарб ва муҳим бўлган, мамлакатимизда бир оила аъзоларидек истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Ватанимизда истиқомат қилаётган барча миллатларнинг ўз урф-одатлари ва асрий қадриятлари янада эъзозланади, эзгулик, бирдамлик, тинчлик ва осойишталик тараннум этилади.

Дарҳақикат, бугунги кунда 34 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон Республикасида 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаб келмоқда. Айтиш жоизки, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда бир қатор эътиборли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Чунончи, қирққа яқин миллий маданий марказлар, 34 та дўстлик жамиятлари фаолият олиб бормоқда. Таълим муассасаларида ўқувчилар учун 7 та (ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман) тилда таълим бериш йўлга қўйилган. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ўз дастурларини 12 тилда намойиш этмоқда. Босма нашрлар 14 тилда нашр қилинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз томонидан 30 июлни “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилаш бўйича билдирилган таклиф юртимизда яшаётган кўпмиллатли халқимизнинг тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган амалий ҳаракатларнинг рамзий ифодасидир. Бу кунни каттта тантана билан нишонлаш, олиб борилаётган тизимли ишларни дунё аҳлига очиқ-ойдин кўрсатиш, халқлар ўртасидаги дўстлик руҳини тарғиб этиш барчамизнинг муқаддас мақсадимиз ҳисобланади.

Келгусида Халқлар дўстлиги кунининг ҳар йили кенг нишонлашнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон заминида тинчлик маданиятининг янада чуқур илдиз отишига кўмаклашади, мамлакатимизнинг истиқболдаги барқарор тараққиёти учун ҳам муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Дилбар Усмонова қўмита аъзоси:

– Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсат олиб бораётгани ва халқаро майдондаги қатъий саъй-ҳаракатлари дунё жамоатчилиги томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Айниқса, чет элларда яшовчи миллионлаб ватандошларимиз билан мустаҳкам алоқа ўрнатилаётгани ва қўллаб-қувватланаётгани мамлакатимизнинг нуфузи ва обрў-эътиборини кескин оширмоқда. Ўтган йили октябр ойида Афғонистондаги расмий тиллардан бири саналган ўзбекларнинг давлат миқёсида кенг байрам қилиниши, бу ердаги ўзбек миллати вакиллари томонидан катта тантана қилишини албатта, бутун миллатимиз вакилларининг қалбига чексиз фахру ифтихор уйғотади.

Ёки пандемия даврида хорижда қийин аҳволда тушиб қолган юз минглаб ватандошларимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларига ечим топиш мақсадида қилинган беқиёс кўмак халқимизда ўз давлатига, унинг раҳбариятига нисбатан ишончни янада мустаҳкамлади. Мурожаатномада дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ватандошларимиз билан янада мустаҳкам алоқа ўрнатиш, улар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида “Ватандошлар” жамғармасини тузишни таклиф этилди.

Албатта, тақдир тақозоси билан чет мамлакатларда яшаётган, баъзан муаммоларга дуч келаётган ватандошларимиз шу юрт, шу заминни ўзининг она Ватани деб билади. Имкон топса, муқаддас тупроғимизга сажда қилишга, шу юрт учун жон фидо қилишга тайёр. Улар билан алоқалар ўрнатиш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш инсонпарварликнинг энг ёрқин намунасидир. Шу жиҳатдан мен давлатимиз раҳбарининг бу ташаббусини фаол қўллаб-қувватлайман.

Муқаддас Тиркашева қўмита аъзоси:

– Мурожаатномада келгуси йил мамлакатимизнинг ташқи сиёсатини амалга оширишда Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатиш бўйича халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласига ҳам кенг эътибор қаратилди.

Бу жуда ҳам муҳим масала ҳисобланади. Зеро, Орол денгизининг қуриши инсоният тарихидаги энг йирик экологик фожиаларидан бири эканлигини, саҳрога айланган денгиз тубидаги тузлар, қум-чанг ва заҳарли ўғитлар башарият ҳаётини ва жаҳон табиатини хавф остига қўйганини ҳаммамиз яхши англаймиз.

Ҳозирда Ўзбекистон дунёда мисли кўрилмаган тажрибага қўл урмоқда. Денгиз ўрнидаги миллионлаб гектар саҳрони ўрмонзорларга, яшил белбоғга айлантирмоқда. Бу эзгу режа ва амал аслида энг арзон, фойдали ва қулай чора сифатида танланган. Оролбўйидаги бепоён шўрланган ерларда илмий-тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлаш, тадқиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида ташкиллаштирилган Оролбўйи халқаро иновацион марказ фаолияти йўлга қўйилди.

Аммо бу қийин ишларни фақат Ўзбекистоннинг ўзи амалга ошириши очиғи мураккаб кечмоқда. Бу жараёнларга бутун дунё ҳамжамияти бирдам ва якдил бўлиб кўмак кўрсатиши айниқса муҳимдир. Таъкидлаб ўтилган таклиф энг самарали ва мақбул йўл сифатида Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини тиклаш, шунингдек аҳоли соғлиғини яхшилаш ва экологик таҳдид зонасида генофондни сақлашга қаратилганлиги билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.

Айниқса, БМТ билан ҳамкорликда 2018 йилда тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишларни янада кучайтириш – келгусида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, пировардида эса Оролбўйи минтақасининг манзарасини бутунлай ўзгартириб юборишга хизмат қилади.


Нашр этиш   Ўқилди : 13625