Янги авлод кадрларини тайёрлаш – стратегик масала

11.11.2020

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича жуда катта аҳамиятга эга таклифлар илгари сурилди ва жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмокда.

 Ушбу фармон лойиҳасига турли соҳа мутахассислари, айниқса, таълим соҳасида ишлайдиган педагоглар, профессор-ўқитувчилар фикр- мулоҳазаларини бермоқда. Депутатлар ҳам ушбу фармон лойиҳасини фракцияларда, маҳаллий Кенгашларда, сайлов округларида аҳоли билан муҳокама қилиниб, мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда. Менинг округимда ушбу ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида ўқитувчилардан бир қатор таклифлар ва мулоҳазалар олинди.

Фармон лойиҳасида 2021 йил 1 мартга қадар Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Ушбу дастурда белгиланган вазифалардан бири бу таянч ўқув режасини такомиллаштириш ва умумий ҳафталик ўқув юкламасини камайтириш ҳамда ўзаро узвий боғлиқ фанларни бирлаштириш ҳисобига уларнинг сонини оптималлаштиришдир. Бу масала анча вақтдан бери педагог ўқитувчиларни эътиборида, чунки уларнинг фикрича, 1 синфлар учун таянч ўқув режада ҳафталик дарс соатлар юкламаси 21 соат, 2-3-4-синфларда 22 соат этиб белгиланган. Бу эса беш кунлик ўқув ҳафтасига ҳар кунига 4-5 соатдан тўғри келади ва 7 ёшли болалар учун оғирлик қилади. Шу қаторда ҳам синфдаги ўқувчилар сонини 35та дан 25гача камайтириш ҳам таклиф қилинган. Фармонда белгиланган чора–тадбирлар юқорида кўрсатилган масалани бартараф этишга ёрдам беради.

Кейинги вазифа фанлараро ўзаро алоқадорлик ва синфлар кесимида даврийликка тўлиқ риоя қилган ҳолда, ўқув дастурлари ўртасида узвийликни таъминлаш, янги авлод дарсликларини ўқитувчининг методик қўлланмаси, ўқувчининг машқ дафтари ва мультимедиа иловаси билан бирга комплекс тарзда яратиш ва нашр этиш белгиланган. Мазкур чора-тадбир ҳалқ таълими тизимидаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган. Масалан, бу масалада ҳам ўқитувчиларнинг фикрлари бўйича амалдаги дарсликдаги мавзулар ўзаро узвийлиги тўлақонли эмаслиги, маълумотлар мураккаблаштириб берилганлиги, айниқса, 10-11–синфларда мураккаб мавзулар кўплигини ифодалайди. Масалан, 6 синф математикасида аввал “Оддий касрлар” бобини ўқитиб, кейин “Ўнли касрлар” ўқитилиши тўғри бўлишини, 8-синф алгебра дарслигида мавзулар номутаносиб берилганлигини таъкидлаб ўтишди. Масалан, “У=к/х функция хоссалари” ҳамда “n-даражали илдиз” мавзулари берилган. Ўқувчиларга аввал “Декарт координаталар системаси”, “Чизиқли функция”, “Арифметик квадрат илдиз” мавзулари ўтилгандан кейин бу мавзулар ўтилиши мақсадга мувофиқ бўлишини таклиф этишди. Ёки 8-синфда “Элемент электронларининг тақсимланиши” мавзулари ўқувчилар томонидан қийин ўзлаштирилаётганини, 8-синфдаги “Гологенлар”, ”Кислород гуруҳи элементлари”, “Азот гуруҳи элементлари” бўйича мавзуларни 9-синфда, 9-синфдаги “Электролитлар”, “Ион алмашиниши реакциялари”, “Тузлар гидролизи” мавзулари 8-синф дастурига киритилса, мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида таклифлар беришди.

Ўқувчиларнинг сабабсиз дарс қолдириши ёки уйга берилган вазифаларни бажармаслигига ўқитувчи билан бирга, ота-оналарнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида аниқ бир тартиб ишлаб чиқилиши таклиф килинди.

 Лекин мазкур Фармон лойиҳасида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи диплом иловаси ёки шаҳодатномасига киритилиши ва инобатга олиниши режалаштирилган. Бундай ҳолатлар мактабларда коррупцион ҳолатларга олиб кемаслиги учун шаффофлик ва адолатни таъминлаш бўйича аниқ механизм ишлаб чиқиш лозим.

Бундан ташқари, ўқитувчи ва муаллимларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Педагог ходимларнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Ушбу қонун лойиҳаси бўйича бир қатор саволлар туғилмоқда. Яъни, ушбу мақом ўқитувчиларга кандай ижтимоий имтиёзлар, кафолатлар беради? Педагог ўқитувчиларнинг қандай мажбуриятлари ва ҳуқукларини ўз ичида акс эттиради? Ҳужжат лойиҳасида бу масалаларни ҳисобга олиш зарур бўлади.

Умуман, мазкур қонун қабул қилиниши келажакда иқтидорли ёшларни таълим тизимига жалб қилиш, ушбу соҳани босқичма-босқич такомиллаштириш ва ҳар томонлама юқори сифатли кадрлар захирасини шакллантиришга имконият яратади.

Зуҳра Шодиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси


Нашр этиш   Ўқилди : 13346