“Ўзбекистонда янги уйғониш – Учинчи Ренессанс”

02.09.2020

Ўзбекистон халқининг кўп асрлик бой тарихига назар ташлар эканмиз, унда тараққиёт чўққиларини забт этишнинг машаққатли босқичларини кўриш мумкин. Бу босқичларда давлатчилигимизнинг шаклланиши, жамиятда илму-фан, санъат ва маданиятнинг юксалиши, буюк сиймоларнинг ўз ижодида эришган ютуқлари жаҳон тамаддунининг ривожига ҳисса қўшишдек ифтихорли жараёнлар гавдаланади.

Ўзбекистон тарихининг биринчи Ренессанси - Сомонийлар даврига тўғри келиб, ушбу даврда буюк аждодларимизнинг яратган илмий-фалсафий асарлари ва оламшумул кашфиётлари ислом цивилизациясига тамал тоши бўлди. Ижтимоий соҳанинг ҳар томонлама ривожланиши, жамиятдаги муносабатларнинг муайян тартиб-тамойиллар асосида қурилиши, шаҳару вилоятларнинг иқтисодий-маданий ривожланиши, илму-маърифатнинг марказлашуви сингари муҳим жараёнлар ўрта асрларда юртимизда давлатчиликнинг ўзига ҳослигини белгиловчи тамойиллардир.

Иккинчи Ренессанс – Амир Темур ва Темурийлар даврига тўғри келиб, нафақат Мавароуннаҳр, балки бутун Марказий Осиё ўлкалари ўз тараққиётининг янги поғонасига кўтарилади. Бу даврда давлатчилик асослари такомиллашиб, шаҳарсозлик ва меъморчилик авж олди, ҳалқаро савдо ва дипломатик алоқалар жадаллашди. Шунингдек, бу даврда фан, маданият ва санъат соҳаларининг ривожланиши ҳамда тафаккур доирасининг юксалиши намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллик тантаналарида Ўзбекистон Республикаси Президентининг: “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда”, - деган сўзи янгради.

Дарҳақиқат, шиддат билан ривожланаётган ҳаётимизда рўй бераётган юксалиш жараёнлари ўзини барча соҳаларда намоён этмоқда. Бинобарин, мустақилликка эришган йилларимизнинг илк даврида биз ўзимизнинг миллий ўзлигимизни англаш, бой тарихий-маънавий ҳамда илмий меросимизнинг асл мазмун-моҳияти мағзини чақиш ва уни рўёбга чиқаришга интилган бўлсак, эндиликда ҳалқимиз жипсланиб “миллий тикланишдан – миллий юксалиш” ғоясини собит қадамлик билан амалга оширишга киришди. Бу даврда жамиятимизда ижтимоий тафаккурнинг юксалиш тенденцияси қарор топиши, унга хос ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларнинг мужассамлиги эътироф этилмоқда. Миллий руҳ ва умуминсоний қадриятлар ўйғун бўлган ижтимоий тафаккур – мамлакатимиз барқарор ривожланишининг ўзан мезон ва мустаҳкам пойдеворига айланмоқда. Юртимизда ижтимоий тафаккур даражасининг тобора ўсиши  боис, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа жабҳаларда меҳнат ва соҳага ёндошув маданияти ҳамда масъулияти ўзгарди. Айниқса, фан соҳасига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг замирида чуқур маъно бор. Фан – бу тафаккур бўлиб, қайсики, жамиятдаги барқарорликни таъминлаб берувчи устувор омиллардан биридир. Фан ривожланар экан, нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий-маданий соҳа ҳам тараққий этади. Фанга бўлган эътибор инсон тафаккурини ўстириш ва улғайтиришга хизмат қилади. Жамият тафаккури ўсса, маданият ва санъат соҳаси ҳам мана шу талабларга ҳамоҳанг равишда ўсади ва тараққий этади.

Жаҳон илмий хамжамиятининг эътироф этилишича, Ўзбекистон қадимдан маданият ва цивилизация барпо этувчи заминдир. Дарҳақиқат, ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудудида вужудга келган илмий-маънавий ютуқлар Европадаги илму фанга асос бўлди. Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райхон Беруний, Абу Наср Форобий каби улуғ мутафаккирларимизнинг беқиёс илмий-фалсафий рисолалари  дунёвий билимларни ривожлантириш ва тизимлаштириш билан бир қаторда, нафақат ўз замонаси, балки кейинги юз йилликларга тегишли умумжаҳон тамаддунининг юксалишига асос солди.

Давлатимиз раҳбари ҳозирги даврни миллий тикланишдан миллий юксалиш томон деб эълон қилганлигининг замирида қатъий ишонч ва чуқур ҳикмат мужассам. Негаки, кейинги 10 йиллигимиз асл юксалиш ва тараққиёт даври бўлиши муқаррар. Зеро охирги йилларда қабул қилинган ва албатта қилинажак  қонунлар, фармон ва қарорлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тараққиётнинг янги уфқларига асос бўлади.

 

Ойдин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

Нашр этиш   Ўқилди : 15047