Умумий гаплар ва таҳлилсиз танқид халқнинг депутатларга бўлган ишончини йўқотади

01.08.2020

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Адолат СДП фракцияси аъзоси Муҳаммад Валиевнинг олий таълим муассасаларидаги яширин “ўйин”лар номли мақоласида кўтарилган масалаларга Ўзбекистон ХДПнинг муносабати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Адолат СДП фракцияси аъзоси Муҳаммад Валиев ЎзАнинг сайтида 2020 йил 29 июль куни “Олий таълим муассасаларидаги яширин «ўйин»лар” сарлавҳали мақоласини эълон қилди. Бир қарашда мақолада йиллар давомида ўз ечимини топмаган олий таълимдаги долзарб муаммолар очиб ташлангандек кўринади. Афсуски, мақолани ўқиб чиқгач, уни ўқишдан олдин туғилган катта иштиёқни батамом ўлдиради,  ҳафсалангизни пир қилади.  

Чунки бугунги куннинг сергак ўқувчиларини умумий мазмундаги айбловлар ва таҳлилсиз танқид билан ишонтириб бўлмайди. Бирровлик шов-шув ортидан қувиш эса халқ вакиллари бўлган депутатларга муносиб иш эмас.

Муаллиф ўз мақоласида олий таълим таълим муассасаларида ҳанузгача айрим коррупция ҳолатларига шароит яратиб бераётган омиллар мавжудлигини қайд этиб, ўз наздида тўлиқ асосларга эга бўлмаган ҳолда, тизимдаги коррупциоген ҳолатларни келтириб ўтган.

Жумладан, ОТМлар ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тўлиқ ОТМ раҳбарияти томонидан монополлаштирилгани, қўшимча маблағ келтирувчи фаолият юзасидан ижара пулларини шартномада кичик миқдорда кўрсатиш, амалда эса қолган суммани нақд ҳолатда ўзлаштирилиши. 

Таъкидлаш лозимки, Давлат мулкини ижарага бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳудуддаги давлат мулкини ижарага бериш марказлари томонидан амалга оширилади.

Марказларнинг асосий вазифалари давлат мулкини ижарага беришни ташкил этиш ва ижарага бериш, мониторинги ва назоратини олиб бориш, фойдаланилмаётган давлат мулкини ижарага бериш тўғрисидаги эълонларни ва ижарага берилаётган давлат мулки рўйхатини даврий нашрларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг веб-сайтларида жойлаштиришдан иборат.

Шунингдек, мазкур қарор билан давлат мулки юридик ва жисмоний шахсларга марказлар орқали ижарага берилиши, давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан тақдим этилган ҳамда Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ижаранинг энг кам ставкаларини ҳисоблаб чиқиш асосида тегишли коэффициентлар белгиланган ҳолда ҳар йили 31 декабргача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланиши ҳамда марказларнинг транзит ҳисоб рақамларига тушадиган ижара тўлови маблағларининг 50 фоизи Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасига, 40 фоизи — давлат мулкини балансида сақловчига ва 10 фоизи — тегишли марказга йўналтирилиши белгиланган.

Шу билан бир қаторда, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ҳукуматнинг 2018 йил 16 июндаги “Давлат мулки объектларини сотиш ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон савдолар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги  қарорнинг 5-боби “Давлат мулкини ижарага бериш бўйича аукционнинг ўтказилиши”га мувофиқ тартибда Давлат мулки юридик ва жисмоний шахсларга ягона электрон савдо майдончасида онлайн-аукционлар орқали ижарага берилади.
ОТМларни таъмирлаш ва янги бинолар қурилиши учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш, таъмирлаш учун зарур бўлган маҳсулотларнинг тендер ҳужжатларини сохталаштириш, ўзига «қарашли» фирмалар томонидан тендер ютиб олинишини таъминлаш, қурилиш материаллари учун ажратилган маблағларни «таниш» корхоналарга пул кўчириш йўли билан (нархлари оширилган ҳолда) сотиб олиш ва ўртадаги фарқни ҳақ сифатида олиши;

ОТМларнинг моддий-техник базасини янгилаш мақсадида сотиб олинаётган маҳсулотларни ОТМ раҳбариятининг яқинлари ва қариндошлари томонидан асос солинган корхоналардан бир неча баробар қиммат нархларда харид қилиш, техник хизмат кўрсатишга белгиланганидан кўпроқ миқдорда маблағ ажратиш.
Бюджет ташкилотларининг, жумладан, давлат ОТМларининг таъмирлаш ва қурилиш ишлари билан боғлиқ бўлган харажатларини амалга ошириш Ўзбекисон Республикасининг 2018 йил 9 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинган.

Бугунги кунда, ОТМларда олиб борилаётган ҳар қандай қурилиш ёки таъмирлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил  5 декабрдаги “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабалари асосида амалга оширилади. Бунда, юқорида келтирилган Қонунда белгиланган миқдорлардан келиб чиқиб:

етказиб берувчилар, товарлар (ишлар, хизматлар)нинг электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион орқали аниқланади;
Давлат хариди ҳақидаги ахборотни давлат буюртмачиси танлов ва тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонни, танлов ва тендер ҳужжатларини махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали шахслар (тадбиркорлар)нинг чекланмаган доирасига маълум қилади;

шартномани бажаришнинг энг яхши шартлари тендер иштирокчиларининг таклифларини баҳолаш бўйича эълон қилинган мезонлар асосида харид комиссияси томонидан аниқланади.
ОТМ раҳбарлари ўзларига «яқин» профессор-ўқитувчилар ва ходимлар номига пуллик мукофот ёзиб, маълум қисмини ўзлаштириш ҳолатлари.

Бюджет муассасалари, хусусан, ОТМларда ходимларни моддий рағбатлантириш ёки уларни мукофотлаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1995 йил 20 сентябрда 177-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисида”ги ҳамда 1996 йил 25 декабрда 296-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Профессор-ўқитувчилар таркиби ва ходимларнинг бошқа тоифаларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртлари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг асосий мезонлари тўғрисида”ги Низомлар асосида амлга оширилади. 

Бунда, ходимларга иш фаолиятининг кўлами, эришаётган натижаси ёки давлатимизнинг қутлуғ саналари ва бошқа юқорида келтирилган Низомларда назарда тутилган мезонларни инобатга олган ҳолда бўлинмаларнинг масъул раҳбарлари ва таълим муассасининг Касаба уюшмаси тавсиясига асосан ҳамда молиявий имкониятлардан келиб чиқиб, моддий рағбатлантириш берилади.
Бундан кўринадики моддий рағбатлантириш фақатгина ОТМ раҳбари томонидан белгиланмасдан, жамоанинг фикрини инобатга олган ҳолда шакллантирилади.

Талабалар турар жойларига талабаларни жойлаштириш ҳамда у ердаги ташкилий масалаларга талабалардан қўшимча тарзда маблағ йиғиш жараёни.

Тан олиш керак аксарият ОТМларда сўнгги йилларда талабалар сонининг кескин ошиб бориши натижасида Талабалар турар жойига бўлган эътиёж ҳам ўсиб бормоқда. Мавжуд талабалар турар жойларига талабаларни жойлаштириш юзасидан ҳар бир ОТМда махсус ички комиссия тузилган.

Махсус ички комиссия талабаларни талабалар турар жойларига жойлаштиришда уларнинг ижтимоий келиб чиқиши, жинси, курси ва моддий таъминланганлик даражаси каби мезонларга мос келишига алоҳида эътибор қаратади. 

Талабалар томонидан Талабалар турар жойларида яшаш учун тўловлар миқдори ОТМнинг Кенгаши томонидан харажатларни қисман қоплаш даражасида белгиланади. Сақлаш харажатларининг асосий қисми эса ОТМнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади. Талабалар турар жойларида бошқа ҳар хил ташкилий масалалар учун маблағлар йиғиш қатъиян тақиқланган.
Хулоса қилиб айтганда, юқорида мақола муаллифи томонидан айтилаётган фикрлар бундан бир неча йиллар олдин айрим жойларда кузатилган бўлиши мумкин. Лекин, бу аниқ фактларга таянилмаган масалалар барча ОТМларида мавжуд бўлган деб айтишга асос бўлаолмайди. Негаки таълим тизимида халол, жонкуяр, ўз касбига садоқат билан ёндошиб ишлайдиган раҳбарлар ҳам кам эмас.

Бугунги янгиланаётган Ўзбекистонимизда кечаётган ўзгаришлар даврида ўз сўзи, қатъий позицияси, холис нуқтаи назари билан халқ ишончини қозонган депутатлар керак. Халқ вакиллари жамиятдаги долзарб муаммоларни кўриб, баён қилиши эмас, бальки уларни аниқ фактлар билан асослаб, конструктив таклиф бериш, сабабларини бартараф этишга ҳар томонлама кўмаклашиши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда депутатнинг вақти-вақти билан муаммолар ҳақида “куюнчаклик” қилган ҳолда чиқиш қилиши одамларда уларга нисбатан ишончни янада кўпроқ йўқотади.


Нашр этиш   Ўқилди : 8240