Қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди

30.07.2020

30 июль куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Унда дастлаб “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Мажлисда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, эскпертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида резерв ва захира офицерларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ягона кўринишга келтиришга, соҳада қўлланиладиган тушунча, атама ва номланишларнинг бир хил талқин этилиши имконини беради.

Бундан ташқари, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги қонунларнинг бир қатор моддаларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштиришга замин яратади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва ташкилотларининг формали кийим-бошини ишлаб чиқиш, стандартлаштириш, тасдиқлаш ҳамда тайёрлаш механизмларини тартибга солишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари талабларига асосан қонунчилик ҳужжатларини мувофиқлаштириш ҳамда қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга олиб келади.

Кун тартибидаги навбатдаги масала – “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар ва маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Қонун Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши бир неча объектив сабаблар билан боғлиқ.

Биринчидан, амалдаги 1996 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини тизимли ҳал этишни таъминлай олмаслиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини босқичма-босқич қарор қабул қилиш тартиби мавжуд эмаслиги;

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш тартиб-таомиллари ишлаб чиқилмаган ва тартибга солинмаганлиги, бу эса ўз навбатида мазкур масалаларда чуқур таҳлил қилинмаган қарорларнинг қабул қилинишига замин яратиб келаётганлиги;

Учинчидан, амалдаги Қонунда давлат ҳокимият ва бошқарув органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгилаб берилмаганлиги, шунингдек, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар белгиланмаган;

Тўртинчидан, амалдаги Қонун қабул қилинганда 31 моддадан иборат бўлган ва улардан бугунги кунда 15 таси турли сабабларга кўра ўз кучини йўқотган.

Мажлисда муҳокама қилинаётган мазкур Қонун амалдаги “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонундан бир қатор асосий қоидаларнинг мавжудлиги билан ажралиб туришига урғу берилди.  

Жумладан, ҳудудий тузилиш масалалари бўйича қарор қабул қилишда давлат органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиши масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш механизмлари ўрнатилган ва мазкур масалаларда махсус комиссиялар тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш ҳуқуқий нормалар асосида белгиланмоқда.

Мажлисда сенаторлар ва депутатлар томонидан мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари билан боғлиқ муносабатларни тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар орқали қонуний тартибга солишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Нашр этиш   Ўқилди : 8247